Saytni Yuklab bo'lmadi
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий электр энергия тизимини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 150 млн долларлик кредит ажратишни маъқуллади. Лойиҳада Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида 364 кмлик электр узатиш линияси ва учта подстанция қурилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисми саноатга йирик инвестицияларни жалб қилиш ва электр энергияга талабнинг ошишини қондириш учун электр энергиянинг ишончли етказилишига катта эҳтиёж сезади. Кредит электр энергия узатиш тармоғининг ўтказиш қобилияти ва ишончлилигини ошириш, йўқотишларни камайтириш ва энергия самарадорликни оширишга ёрдам беради.
ОТБнинг молиялаштириши минтақада Таҳятош иссиқлик электр станцияси, Хоразм ва Элликқалъа подстанияларини боғловчи 364 кмлик бир контурли 220 кВли электр энергия узатиш ҳаво линияларини қуриш ҳисобига электр энергия узатиш тармоғини мустаҳкамлашга имкон беради.
Ушбу лойиҳага ОТБ маблағларидан ташқари Ўзбекистон ҳукумати ва “Ўзбекэнерго” компанияси 105 млн доллар ажратади. Лойиҳа қарийб 4 йил давомида амалда бўлади ва 2019 йилнинг охирида якунланади.