Saytni Yuklab bo'lmadi
Ko'zdan Kechirish
БОШ МИЯ ЧАНОҒИ ИЧИДАГИ БОСИМ ОШИШИ

 

Ўқувчиларимиз: "Охирги пайтда болаларда бош мия чаноғи ичидаги босим ошиши ҳақида кўп эшитаяпмиз, шу ҳақида маълумот берсангизлар?”, деган илтимос билан мурожаат қилдилар. Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунда бу касаллик ҳақида эшитмаган ёки билмаган онанинг ўзи бўлмаса керак. Аммо, аслида, бунинг қандай касаллик эканлиги ҳақида камдан‑кам ўйлаб кўрамиз. Биз олий тоифали шифокор невропатолог Шарипова Нелли Мустафаевна билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Бош мия чаноғи ичидаги босим ўзи нима?

  • Бош мия чаноғи ичидаги босим худди артериал босим сингари ҳар қандай одамда мавжуд. У турли сабабларга кўра ошиши мумкин. Ҳомиладорлик даври аёлда камқонлик кузатилса; туғиш тез кечган бўлса, яъни аёл мустақил равишда эмас, мажбуран, дард қўзғатувчи воситалар ёрдамида кўзи ёрган бўлса, болада бош чаноқ ичидаги босимнинг ошиши кузатилади. Худди шунингдек, бу – турли инфекцияларнинг оқибати ҳам бўлиши мумкин.  Аммо бош мия чаноғи ичидаги босим асосий касаллик эмас, у хасталик аломати ҳисобланади. У масалан, гидроцефалия, менингит каби оғир хасталикнинг асоратидандир балки; албатта, буни аниқлаш керак.

Гидроцефалия мия аномалияси ёки миядаги суюқлик айланишининг бузилиши билан боғлиқ. Шуни айтиш лозимки, бу касаллик оғир хасталик ҳисобланади ва у 2‑4 минг боланинг биридагина учраш эҳтимоли бор. 
Аммо ҳозирги кунда ҳар икки боладан бирига бош мия чаноғи ичидаги босим ошиши ташхиси қўйилаётгани ҳайратланарли ҳолат. Касалликда боланинг жуссасига нисбатан боши катталашиб кетади. Бу касаллик туғма бўлади ва бола туғилганининг илк ойларидаёқ ўзини билдира бошлайди. 
– Бош мия чаноғи ичидаги босим қайси пайтларда ошади? 
– Бола ортиқча ҳаяжонланса, асабийлашса, тана ҳарорати кўтарилса, шамоллаганда, турли хилдаги инфекцион касалликларга чалинганда, йўталганда, югурганда, йиғлаганда – мия чаноғи ичидаги босим ошади. Бола хотиржам ҳолатда бўлса, куни тартибга солинган бўлса унда босим ошиши кузатилмайди. Босим ошаётганининг белгилари боланинг лиққилдоғи шишади, бош ҳажми жуссага нисбатан каталлашиб кетади.

  • Демак, боланинг саломатлиги учун кун тартиби ҳам муҳим?
  • Албатта. Вақтида, ёшига мос бўлган овқатини ейиши, вақтида ухлаши, вақтида сайр қилиши – боланинг саломатлигига катта таъсир қилади. Ота‑оналарнинг болага бақириши ёмон таъсир қилади. Кўп ҳолларда баъзи бир муаммолар сабаб асабийлашган она, аламини боласидан олади, унга бақиради. Бу болада ортиқча ҳаяжонланиш, қўрқиш, асабийлашиш ва натижада бош мия чаноғи ичидаги босимнинг ошишига олиб келади. Яна бир ҳолат: бола кечқурун ухлай олмай хархаша қилиши, йиғлаши мумкин. Бунга сабаб қилиб, бош мия чаноғи ичидаги босимни айтишади. Бу – нотўғри. Одатда оталар кечқурун ишдан келишади ва албатта боласи билан бироз ўйнагиси келади. Бола ўйинга қизиқиб, қиқирлаб кулади, ўз қувончини серҳаяжон ҳаракатлар билан кўрсата бошлайди. Ухлаш соати келганда эса уйқуси келиб хархаша қилади-ю, аммо тинчлана олмайди. Шунинг учун уйқуга яқин соатларда, бола билан фаол ўйинлар ўйнаш маслаҳат берилмайди.

Бош мия чаноғи босими ошиши тўғридан‑тўғри даволанмайди. Босим ошиши билан боғлиқ бўлган касаллик даволанади. 
Баъзан қабулга келган беморлар бош мия чаноғи босимини аниқлаб беринг, дейишади. Босим ошиши касаллик сабабли эмас, унинг оқибати. Сабаби эса бошқа касалликларда бўлади. Асл касалликни аниқлаш ва ташхис қўйиш учун бошни нейросонография, реоэнцефалография (РЭГ), доплерография, электроэнцефолография (ЭЭГ) каби текширувлардан ўтказиш керак. Ва бу текширув натижаларига кўра, муолажа тайинланади. Оналаримизга маслаҳатим, фарзандингизни илк кунларидан бошлабоқ тартиб (режим)га ўргатиб боринг. Болангиз вақтида овқатланишига, дам олишига аҳамият беринг. Тоза ҳавода сайр қилдиришни ҳам унутманг.  Бош мия чаноғи ичидаги босимнинг ошиши эса нафақат болада, балки катталарда ҳам кузатиладиган ҳолат. Шунинг учун болани қўни‑қўшниларнинг "ташхис”ларига кўра болани турли кимёвий дорилар билан "даволаш”дан аввал мутахассис шифокорга мурожаат қилинг.

Поделись с друзьями:

- Добавлен: ADMIN
- Дата публикации: 21.02.2015 17:49
- Категория: Qiziqarli Faktlar
Рекомендуем

Izoh yozib qoldirishni unutmang, sizning izohingiz bizning ishlash darajamizni oshiradi.

Имя:
Почта:
Код:

Реклама LOWER
НАЗАД
ГЛАВНАЯ

WEB | Copyright Design by ISLIMBEK
Design version 19.00

Мы в социальных сетях:


Создать бесплатный сайт с uCoz