Saytni Yuklab bo'lmadi
Ҳинд океанида жойлашган Шимолий Сентинель ороли аҳолиси узоқ йиллардан буён ташқи оламдан ажралган ҳолда яшайди: улар оролга ташриф буюрмоқчи бўлганларни ўқ-ёйлар билан кутиб олишади ва гўёки тош асрида яшаётгандек таассурот қолдиришади. Оролликлар ўзларининг замон цивилизациясига қўшилиб йўқолиб кетиши мумкин бўлган қадимий маданиятларини шу тариқа муҳофаза қилиб келишади.
XIX асрда орол яқинида бир неча марта кемалар ҳалокатга учраган. Экипаж аъзолари соҳилга чиқишга уринишган, лекин ерликлар уларни ўқ отиб қувиб юборишган. 1897 йилда оролга қочоқ маҳбусни тутиш учун полициячилар келишган. Полициячилар уни томоғидан пичоқ тортилган ҳолда топишган ва зудлик билан оролни тарк этишган.
Шимолий Сентинель оролининг майдони 72 кв. км бўлиб, бу ерда 400га яқин киши истиқомат қилади. 1981 йил августда орол яқинида “Примроуз” кемаси ҳалокатга учрайди. Оролликлар кемага найза улоқтириб, камонлардан ўқ узишади. Кемадагиларнинг бахтига орадаги масофа узоқ бўлгани учун ҳеч ким жабрланмайди. Экипаж аъзоларини вертолётда келиб олиб кетишади.
Олимлар бир неча марта оролликлар билан мулоқот қилишга уриниб кўришди: совғалар олиб келишди, жилмайишди, тиз чўкиб ҳурмат бажо келтиришди. Лекин маҳаллий аҳоли уларни оролга киритмади.
Орол расман Ҳиндистонга қарашли, лекин ҳукумат оролликлар ҳаётига аралашмаслигини билдирган. Уларни ҳаттоки қўриқлашади ҳам ва сайёҳларни оролга яқинлаштиришмайди. Чунки биринчидан бу сайёҳларнинг ҳаёти учун хавфли, иккинчидан оролликларда бизнинг касалликларга қарши иммунитет йўқ бўлиб, улар оддий тумовдан ҳам қирилиб кетишлари мумкин.
Бу оролда вақт худди қадим замонларда тўхтаб қолгандек.