Saytni Yuklab bo'lmadi
Домланинг айтганини қилгину...
Бу мақолнамо гап ҳаммамизга таниш, шундай эмасми? У қаердан келиб чиққан? Нима сабаб бўлган? Ахир уламолар доимо элнинг олдида юриб, динимиз аҳкомларига амал қилишда барчага ўрнак бўлиб келишган-ку! Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, аҳён-аҳёнда, диний соҳадаги кишилар орасидан ҳам ана шундай курмаклари чиқиб туради. Юқоридаги мақолнамо гапнинг келиб чиқишига ҳам уларнинг ихлоссиз амаллари, носамимий гап-сўзлари, яъни, амаллари гапларига тескарилиги сабабдир, балки. Бироқ нима бўлганда ҳам, туғилганимиздан тортиб вафотимизгача эҳтиёжимиз тушадиган диний уламолар шаънига бундай гап айтишга эҳтиёт бўлиш керак, деб ўйлайман.
Аммо бу жумланинг бошқача шарҳи ҳам мавжуд экан. Талабалик йилларимизда машҳур қори устозимиздан қитмирроқ курсдошимиз ана шу гапнинг боисини сўраб қолди. Ҳаммамиз қори ака бунга нима деб жавоб берар эканлар, дея қизиқиш билан қулоқ сола бошладик. «Бунинг маъноси, – дедилар домла, – сен домланинг айтганини қилиш билан кифояланавер, барибир қилганини қила олмайсан. Чунки домла одамларни фарз намозларини ўқишга чақиради. Ўзи эса нафл намозларини ҳам қўшиб ўқийди. Йилда бир ой рўза тутиш фарзлигини айтади, ўзи бўлса нафл рўзаларни канда қилмайди ва ҳоказо. Шунинг учун, яхшиси, домланинг айтганини қилиб қўя қол, у бажараётган амаллар сенга оғир келиши мумкин. Бу гапни ана шундай тушуниш керак!»
Домламизнинг айтган сўзлари мантиқли эди. Ўшандан буён қаерда шу гапни эшитсам, пайтини топиб, ана шу «шарҳ»ни айтадиган бўлдим.
Нўъмон Абдулмажид
“Ирфон” тақвимининг 2011 йил, 2-сонидан олинди.