Saytni Yuklab bo'lmadi
Ko'zdan Kechirish
ҚИЗИНГИЗНИ НИМА БЕЗОВТА ҚИЛИШИ МУМКИН?

Аёллар ўзининг идроки билан дунёни разолатдан асрайди. Аёлсиз ҳаётнинг тонги нурсиз, оқшоми дилхун, кундузи эса ғамгин. Хуштабиат, вазмин, латофатли аёлларнинг фарзандлари  ҳамма ҳавас қилгудек одобли бўлишади. Оилада онанинг  табиати, характери бола тарбиясида катта рол ўйнайди. Онадаги фазилат, одат ва хислатлар кўпроқ қиз болада мужассамлашади. Улар табиатидаги монандлик, феълидаги ўхшашлик кишини ҳайратга солади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз ҳадисларида: "қизларни турмушга чиқариш тўғрисида оналари билан маслаҳатлашинглар” деб марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам доно халқимиз: "Онасини кўриб қизини ол” — дейди. Бу гапда жон бор, албатта. Она ўз қизини соғлом, назокатли, ширинзабон ва одобли қилиб вояга етказишда бош тарбиячидир.
Қиз боланинг бахти аввало унинг соғломлигидадир. Соғлом қизларда хушчеҳралик, хушхулқлик, ҳафсала ва тадбиркорлик ҳам рисоладагидек, шунингдек, соғлом қизнинг кечинмалари, орзулари, хаёллари ҳам соғлом ва чиройлидир.
Қизларнинг ўсмирлик даврида шаклланишида онасининг роли қандай? 
МУТАХАССИС: Тиббиёт фанлари доктори, гинеколог-эндокринолог Севара Эргашова: 
— Ҳаёт давомида аёл кишининг кўзи уч бор ярқ этиб очилади: биринчи марта туғилиб, ёруғ дунёни кўрганида, иккинчи марта турмушга чиққанида, учинчи марта кўзи ёриганда. Кўзи учинчи бор ярқ этиб очилган аёлгина ўзини чин маънода бахтли ҳисоблайди. 
Қадимдан қиз боланинг соғлигини асраш онанинг вазифасидир. Бунинг учун она билан қизнинг якдиллиги ва яктиллиги жуда муҳим. Ўсмирлик даври қиз болаларда 12-15, ўғил болаларда 13-16 ёшни ўз ичига олади. Бу даврда тан аъзоларининг тузилиши ва фаолиятида сезиларли ўзгаришлар содир бўлади. Ўсмирларда ҳиссий беқарорлик ва жисмоний иш қобилиятининг пасайиши кузатилиб, ўсмир қонида жинсий гормонлар миқдорининг ортиши натижасида юз бериши аниқланган. Айрим қизлар ўзида содир бўлаётган ўзгаришлардан сир тутишиб, энг аввал дугонасидан маслаҳат сўрайди. Натижада билиб-билмай, ҳар хил боғламлардан фойдаланиш оқибатида бачадонига микроблар тушиб, турли хил хасталикларни ўзларига юқтириб олишади.
Олимларнинг фикрига кўра, касалликларнинг ярмидан кўпи болалик ва ўсмирлик ёшидан илдиз ота бошлайди.  Кичик ёки ўсмир ёшдаги қизлар ҳам турли гинекологик: шамоллаш, ҳайз мўтадиллигининг издан чиқиши, балоғатга етишда орқада қолиш каби касалликларга йўлиқишлари мумкин. Шу сабаб ота‑оналар фарзандларининг жисмоний ривожланишларига эътибор бериб боришлари муҳим. Чунки касалликни ўтказиб юборишдан кўра уни олдини олиш, чора кўриш осонроқ. Қизлар  саломатлигида эса бу айниқса муҳим, чунки у бўлажак аёл ва онадир.  Афсуски, оналар айнан нимага аҳамият бериш кераклигини билмаганлари боис, касаллик аломатларини сезмайдилар. Аммо асосий кузатувни она олиб бориши, боланинг шикоятларидан ёки жинсий ривожланиш бузилишининг ташқи кўринишидан келиб чиқиб шифокорга мурожаат қилиши лозим. Аксарият қизлар балоғат ёшида бундай мавзуларда гаплашишга уяладилар. Лекин қизларимизнинг бу каби ҳаракатларини тўғри деб баҳолаб бўлмайди. 
Ҳозирги кунда ҳар тўрт қиздан бири ҳайз кўрганда қовуқда тўлғоқ дардига ўхшаш тортилган оғриқлар ҳис қилади. Агар ҳайз пайтида қиз оғриқдан ўрнидан тура олмаса, турли оғриқ қолдирувчи дориларни ичмасдан мутахассисга мурожаат қилиши лозим. Чунки ўзини-ўзи даволаш кутилмаган натижаларга олиб келиши мумкин.  Бу каби кучли оғриқ бир қанча гинекологик касалликларнинг, шу жумладан жинсий аъзолардаги нотўғри ривожланишнинг, сурункали яллиғланишнинг, жинсий аъзолар силининг аломати ҳисобланади.
Ўсмир қизларга ташхис қўйиш шифокордан айрича тайёргарликни талаб қилади. Юқоридаги касалликлар танада яширинча кечади ва аломатлари кўзга кўринмайди, шунинг учун ташҳис кўйиш осон кечмайди. Муддатидан аввалги жинсий етилиш билан бирга ортда қолиш ҳам жиддий ва давосини ортга суриб бўлмайдиган эндокрин касалликлар билан боғлиқ. Жинсий етилишнинг кечикишини бир қанча сабаблари бор: сурункали касалликлар, жисмоний оғир меҳнат қилиш, оғир кўтариш, турли стресс ҳолатларга тушиш. 
Айниқса, қизларимиз ҳайз циклидаги ўзгаришларга алоҳида эътибор беришлари лозим. Нормал ҳайз ‑ 21, 24, 28, 32 кунда такрорланади (ҳар бир организмнинг ўз ҳолатидан келиб чиққан ҳолда). Ҳайз куни эса 7 ошмаслиги керак. 7 кундан узоқ, номунтазам, оғриқли бўлса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак. 
Буни кузатиб бориш учун ҳар бир қиз кичик тақвим тутиб боришни ўзига одат қилиши керак. У ерда ҳайз қачон бошлангани, тугагани, кечиш тарзи, оғриқ бор йўқлиги ҳақида ёзиб боради. Бу каби маълумотлар шифокорга мурожаат қилинаётганда, ташхис қўйиш асносида керак бўлиб қолиши мумкин. 
Бу даврда баҳор шамолидек ўзгарувчан руҳий ҳолатнинг сабаби нимада?
МУТАХАССИС: Тиббиёт фанлари номзоди, гинеколог Шоҳида Абдумаликова
— Қизларнинг балоғат остонасидалиги катта ҳаётга дадил қадамлар билан одимлашидан даракдир. Бу даврда қизларимизнинг кайфияти баҳор шамолидек кескин ўзгариб, ўзини ёмон ҳис қилишини ҳайз кўриш цикли ёки бошқача айтадиган бўлсак, гормонал жараён билан боғлиқ. Бу гормонларнинг энг асосийси — эстроген бўлиб, у ёшлик, гўзаллик, соғлик таянчидир. Агар ушбу гормон аёл организмида етарли миқдорда бўлса, ҳамиша ўзини яхши ҳис этади, тенгдошларига қараганда ёшроқ кўринади. Лекин ушбу гормон ҳаддан ортиқ бўлиши ҳам ёмон. У ҳайз кўриш функцияси бузилиши, бепўштлик, жинсий аъзоларда шишлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Тухумдонлар томонидан ишлаб чиқариладиган яна бир гормон бу — прогестерондир. У асосан ҳайз кўришнинг иккинчи ярмида кайфият барқарорлиги учун жавоб беради. Агар у меъёрда бўлса, аёл ўзини яхши ҳис этади. Лекин у мабодо камая бошласа, ҳайз кўриш оғриқли кечади, кайфият ўзгарувчан бўлиб қолади (жиззакилик, руҳий танглик ҳолатига тушиши кузатилади). Шу билан бирга ҳомилани ушлаб туриш вазифаси ҳам юклатилган. Шу боис организмида прогестерон етишмаган аёллар ҳомиладор бўлишмайди ёки ҳомила турмай, кам муддатда тушиб қолаверади.
Яна бир гормон бу — тестостерондир. У эркаклар гормони саналиб, аёл организми уни кам миқдорда ишлаб чиқаради. У ҳисларимиз ҳамда жисмоний ҳолатимизга жавоб беради. Маълумотларга қараганда, организмида тестостерон кўп ишлаб чиқарадиган аёллар эркакларга хос касбларга ишлашга интилишарканлар. Шу билан бирга эркакларга хос баъзи бир жиҳатлар пайдо бўлади, яъни ўртача бўй, кенг елка, тор тос, ёғли тери ва ўта сермўйлик.
У ёки бу гормоннинг кўпайиб кетиши модда алмашинув жараёнида таъсир етади. Шу боис ўзингизга эътиборлироқ бўлинг, вазнингизнинг ошиб кетишига йўл қўйманг. Модда алмашинув жараёни бузилишининг илк белгиси бу — белгидаги ёриқларнинг пайдо бўлишидир. Аёл ҳомиладор эмас, туғмаган бўлса ҳам терида пушти, оч-пўшти, узун ёриқча пайдо бўлади, уни асосан оёқ, бўкса ва қорин қисмида кўриш мумкин. 
Шу каби нохуш ҳолатлар сизда пайдо бўлса, унда вақтида  онангизга айтинг, улар билан бирга шифокорга учранг.  
Балоғат ёшида қизлар кийим танлашда нималарга эътибор беришлари лозим? 
Ҳар бир қиз ўсмирлик давридан ўтар экан, албатта, ёшлигидан кийиниш маданиятига риоя қилиб бориши керак. Ҳозирги кунда қизларимиз бигизпошна учли оёқ кийимларни кийишни хуш кўрадилар. Улар қанчалик чиройли кўринишда бўлишмасин, саломатликка анча зиёни ҳам бор. Баланд пошнали пойафзалда юрилганда гавда мувозанатини тутган мушаклар зўриқади, шунда нафақат оёқ томирларида, балки бутун организмда ўзгаришлар содир бўлади. Пошнали пойафзалларни ўсмирлар ва балоғат ёшидаги қизлар киймаганлари маъқул, чунки уларнинг тос суяклари ҳали батамом ривожланмаган бўлади (суякларнинг ўсиш жараёни 40 ёшгача давом этади). Баланд пошнали оёқ кийими эса мўртроқ суякларга зарар этказиб, тос суягининг қийшайишигача олиб келади, бу ҳолат кейинчалик туғруқ пайтида жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. 
Ич кийимларга ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Улар кийимларини тез-тез алмаштириб туриш тавсия этилади. Мутахассисларнинг фикрича, 3 кунда ич кийим кирланади, 6 кундан сўнг эса кири кўпайиб, ёғи йиғилади. Пахта толасидан тикилган ич кийим терининг эркин нафас олишига имкон яратади. Умуман, устки ва ички кийимларининг тозалигига аҳамият берилмаса, киши ҳар хил инфекцион касалликка чалиниб қолиши мумкин. Чунки кирланган кийимларда турли юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи  микроблар 20-30 кунлаб ҳаёт кечиради.
Калта (мини) юбка ва ўта тор шимларни кийиб юрган қиз-жувонларимиз ўзларининг соғликларига қанчалик зарар етказаётганликларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Масалан, тор юбка кийганда сон ва болдирда ишқаланиш рўй беради, шу жойлар териси зарарланади. Тор жинси шимлар эса чоклари қалин бўлгани сабабли қизларнинг ташқи жинсий аъзоларига қаттиқ ботади. Қорин ва бел қисми очиқ либослар елвизакли жойларда буйрак шамоллашини келтириб чиқаради. Бундай кийимлар ўта тор бўлганда эркин нафас олишга халақит беради, баданини сиқиб тургани боис ичаклар ишига жиддий таъсир кўрсатади, овқат ҳазм қилиш фаолиятини ёмонлаштиради.
Замонавий қизларнинг аксарияти озғин, бели ҳипча, текис қорин ва буксаларсиз қизларни ўзига намуна қилиб олган.  Бу натижага эришиш учун қизлар умуман овқат ейишни тўхтатиб, ич кеткизадиган дорилар истеъмол қилишади, турли жисмоний машқлар билан ўзларини қийнайдилар. Албатта, бу ўз натижаларини беради, улар озишади. Бундай "модапараст” қизларнинг оғирлиги 45 кг ошмайди. Тухумдонлар ва гипофизда гормонлар чиқишини камайтиради. Бачадон ва кўкрак кичрайиб кетади. Натижада ҳайз келиши тўхтайди. Кўп ҳолларда бу яхши натижаларга олиб келмайди. Келажакда бепуштлик касалиги ривожланиши мумкин. 
Фойдали маслаҳатлар:
1. Қиз бола сочидан то тирноғигача озода, гўзал, нафосатли, ҳаёли бўлиб, айниқса, ҳайз кўрган вақтда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишлари шарт.
2. Ўсмирлик даврида қизларда вақтинча инжиқланиш, буқоқ безининг катталашуви, тез чарчаш ҳолатлари кузатилади ва организм мослашгач, бу ҳолат ўтиб кетади. Энди ҳайз кўра бошлаган қизлар сервитамин, калорияли овқат истеъмол қилишлари, суткали иш ва дам олиш тартибини бузмасликлари, руҳий ва жисмоний зўриқиш олмасликлари тавсия этилади.
3. Ўспиринлик даврида қиз боланинг суяги мўрт, жинсий органлари заиф бўлиб, уни шу даврда қалтис ҳаракатлардан асраш керак (оғир иш қилиш ёки юк кўтариш, шамоллаш ва бошқалар). Бунда бачадон тушиши ёки қайрилиб қолиши, томирлар кенгайиши каби ҳолатлар юз бериши мумкин.

4. Қизлардаги энди ўса бошлаган бачадон, тухумдон ва сут безлари ҳаво ўтказмайдиган, сунъий ялтир-юлтир, синтетик тор кийимлар таъсирида ўсиши сустлашади. Натижада мастопатия, мастит, сутсизлик, аллергик қичима, тошма касалликларига, бачадон яхши ривожланмаслиги туфайли ҳомиласизликка сабаб бўлади.

Камола АҲМЕДОВА

Поделись с друзьями:

- Добавлен: ADMIN
- Дата публикации: 21.02.2015 17:48
- Категория: Qiziqarli Faktlar
Рекомендуем

Izoh yozib qoldirishni unutmang, sizning izohingiz bizning ishlash darajamizni oshiradi.

Имя:
Почта:
Код:

Реклама LOWER
НАЗАД
ГЛАВНАЯ

WEB | Copyright Design by ISLIMBEK
Design version 19.00

Мы в социальных сетях:


Создать бесплатный сайт с uCoz