Saytni Yuklab bo'lmadi
Ko'zdan Kechirish
Хавфли идишлар

Пластик материалларнинг йиллик истеъмоли 1950 йилларда 5 млн. тоннани ташкил этган бўлиб, бугун 100 млн. тоннага етган.
Дунёда чиқиндиларнинг 15 дан 40 фоизигача бўлган қисмини пластмасса ташкил этади.

ТАНАМИЗГА ПЛАСТИК МОДДАЛАР ҚАЕРДАН ТУШАДИ?

Полимер маҳсулотларининг саломатликка зарари

Пластик бундан 30 йиллар аввал ҳаётимизга кириб келди. Ҳозирги кунда ҳаётимизни ундан ясалган турли пластик идишларсиз тассаввур қилиш қийин. Шарбатлардан тортиб, йогурт ва қаймоқлар, бир марта ишлатишга мўлжалланган санчқи ва ликопчалар... Ҳаётимизга анчайин қулайлик олиб кирган бу идишлар, баъзи ҳолатларда ўзидан зарарли токсинлар ажратиши, бу токсинлар одам организмига тушиб, унинг саломатлигига хавф туғдириши ҳам мумкин. 
Америкалик олимларга кўра, одам танасида топилган "пластик” моддаларнинг 80% қурилиш ва пардозлаш материаллари – пластик ойна, мебель ва идишлар орқали озиқ‑овқат маҳсулотларига, сўнгра одам организмига тушар экан. 
Пластик идишларни ишлаб чиқаришда ишлатиладиган материаллар – поливинилхлорид (ПВХ), полипропилен, полиэтилен, полистирол ва поликарбонатлардир. Бу маҳсулотлардан ҳам техник, ҳам озиқ‑овқатга доир пластик нарсалар ишлаб чиқарилади. Юқорида қайд этилган материаллар аслида ҳаракатсиз ва овқатга тушмайди. Аммо улар орасидаги технологик қўшимча, эритувчи ва бошқа кимёвий парчаланувчи моддалар таомга тушиб, одам саломатлигига зарарли таъсир ўтказади.
Бу ҳолат, пластик идишларда истеъмол маҳсулотларини сақланаётганда ёки ҳарорат ўзгарганда содир бўла бошлайди. Бундан ташқари, полимер маҳсулотлар эскириши оқибатда ундан емирувчи моддалар ажралиб чиқади. Емирилиш турли полимер идишларда, турли ҳолатларда юзага келади – баъзи бирларини иситиш мумкин бўлмаса, баъзиларини эса ювиш мумкин эмас.

СИРЛИ УЧБУРЧАК БЕЛГИСИ

Пластик идишларнинг энг хавфлиларидан бири бу – поливинилхлорид, яъни хлор асосидаги полимер. У арзонлиги сабабли бутун дунёга ёйилган. Ундан дори воситаларини қадоқлаш учун идишлар, пардоз маҳсулотлари қутичалари, кундалик тозаловчи кимё маҳсулотлари идиши, бир марталик идишлар ишлаб чиқарилади. Вақт ўтиши билан ПВХ ўзидан зарарли модда – водородхлорид чиқара бошлайди. Табиийки, у идиш ичидаги дори ва истеъмол маҳсулотига, сўнгра эса маҳсулот билан биргаликда одам танасига тушади. Водородхлорид – зарарли модда. 
Кўп ҳолларда пластик идишлар қайта ишлатилади. Унга чой, сут ёки ёғ солинади. Беш литрли идишлар эса челак вазифасини бажаради. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундай идишларга сувдан бошқа нарса солиш мумкин эмас. Аммо, сувни ҳам ҳаммасига солиб бўлмайди. РЕТ идишларда сув сақлаш мумкин, аммо ПВХ идишларида сув сақлаб бўлмайди, чунки у ўзидан токсинли водородхлорид ажратади. 
Идиш қандай пластикдан қилинганини билмоқчи бўлсангиз, унинг тагига қаранг. Ишлаб чиқарувчилар идиш тагига махсус учбурчак ичига уч белгисини қўйишади. Ёки PVC деган ёзув билан белгилашади (ПВХнинг инглизча номи). Аммо бундай ёзув ва белгили идишларни учратиш қийин. Пластик идишнинг хавфли ёки хавфсизлигини билиш учун унга бармоқ босиб кўринг. Агар идишда оқ из қолса, демак бу ўзидан токсин чиқарувчи пластикдан қилинган. Хавфсиз идиш эса силлиқ бўлиб туради. 
Бир марталик стаканларни фақат совуқ сув учун ишлатиш мумкин. Турли шарбатлар, газли, иссиқ ёки алкогол ичимликларни улардан ичмаганингиз маъқул. Иссиқ овқатларни полистирол ликопчаларга солиш тавсия этилмайди.

ПЛАСТИКНИНГ ПЛАСТИКДАН ФАРҚИ

Ҳаво бир оз исигач, табиат қўйнида дам олиш (пикник) даври бошланади. Унда турли пластмасса идишлардан фойдаланиш урфга айланган. Ваҳоланки, пластик – нозик материал, ҳатто офтобда туриб ҳам ёрилиб кетади. Унинг чидамлилигини ошириш учун таркибига стабилизатор ва пластификатор моддалари қўшилади. Бунда идишнинг чидамлигиги билан бирга зарари ҳам ортади. 
Полистиролни (PS – билан белгиланади) – совуқ таомларда ишлатиш мумкин. Аммо иссиқ таомлар ёки алкогол солинганда, унда стирол номли зарарли токсин ажралади. 
Пластик турлари учун халқаро тамға ишлаб чиқилган. Бу тамға – уч стрелкадан иборат учбурчак бўлиб, ичида сон ёзилади. Сон – пластик турини кўрсатади. Баъзида сон ўрнига ёки биргаликда пластик турининг ҳарфий коди ҳам кўрсатилади. Жумладан:
– PET – полиэтилентерфталат: газли ичимликлар, шарбат, сув, сут маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, турли пардоз‑андоз идишлари;
– HDP – юқори зичликдаги полиэтилен: қадоқлаш ва ахлат қоплари; 
– PVC – поливинилхлорид: қурилиш ва пардозлаш материаллари, мебель, пойафзал, тиббиёт маҳсулотлари, сув учун идишлар, озиқ‑овқатларни қадоқлаш плёнкаси;
– LDP – паст зичликдаги полиэтилен: ювиш воситаларининг идишлари, ўйинчоқлар, қувурлар;
– PP – полипропилен: тиббиёт маҳсулотлари, иссиқ овқатлар учун идишлар, қадоқлаш учун плёнка;
– PS – полистирол: бир марта ишлатиладиган идишлар, сут маҳсулотлари, йогурт учун стаканлар, электр изоляцияси учун пленка учун ишлатилиши мумкин. 
– Кўпқаватли қадоқ ёки бирлаштирилган пластиклар. 
Полипропилен стакан (РР тамғали) +100°С гача ҳароратга бардош беради. Аммо кимёвий ҳужумга дош беролмайди – формальдегид ёки фенол ажратиб чиқаради.

ХАВФСИЗ РАВИШДА ҚЎЛЛАШ

Пластик идишларнинг саломатликка хавфсиз равишда қўллашнинг йўли – ундан белгиланган мақсадда фойданиш. Айтиб ўтганимиздек, унинг бир тури газли ичимликлар учун мўлжалланган бўлса, бошқа бир тури эса сув учун қўлланилади. Йогурт идишлари шу маҳсулотнинг хусусиятларидан келиб чиқиб тайёрланади. Бошқа ширинликлар учун ишлатиладиган идишлар эса шакар хусусиятларига асосланиши даркор. 
Шунинг учун мутахассислар пластик қадоқларда озиқ‑овқат маҳсулотлари сақламасликни, бир марта ишлатишга мўлжалланган идишларни бир мартадан ортиқ фойдаланмасликни тавсия этадилар. Чунки пластик айнан ичида сақланган маҳсулот хусусиятидан келиб чиққан ҳолда танланган бўлиб, унда бошқа маҳсулот сақланганда ўзидан қандай токсинлар чиқариши номаълум. Айниқса ёғ ва кислоталар пластикдан ўзига мустақил токсин йиғилмаларини тортиб олиши мумкин. 
Яна бир эътиборга молик тарафларидан бири, кўп марталик ва бир марталик пластик идишлар ҳам бор. Кўп марталикни ювиш мумкин, аммо бир марта ишлатишга мўлжалланган пластик идишларни ювиш оқибатида уларда қандай ўзгариш содир бўлиши ҳам номаълум. Ҳозирга кунда турли микротўлқинли печларда таом иситиш одат тусига кирган. Бундай печларда фақат махсус пластик идишларда таом иситган маъқул.

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР:

– Маҳсулотларни имкон қадар шиша ёки сопол идишларда сақланг;
– Турли пластик қадоқланган маҳсулотлардан кўра, килоли маҳсулотларни харид қилинг;
– Харид қилинган маҳсулотларни қадоқдан чиқариб қўйинг; 
– Турли яхна ичимликларни сотиб олаётганда, идишидаги ёзувга эътиборли бўлинг, РЕТ-тамға босилганини харид қилинг;
– Болалар овқатини (турли пюрелар) шишали ёки қоғоз идишда бўлганини харид қилинг; 
–Болани пластик идишлардан овқатлантирманг; 
– Таомни пластик идишларда сақлашдан аввал уни совутинг. 
– Туси ўзгарган махсус пластик идишларни ташлаб юборинг.

НА СОВУҚҚА ЧИДАЙДИ, НА...

Майонез, кетчуп, турли зираворлар, шарбат маҳсулотлари қадоғи учун кўп қатламли плёнкалар ишлатилади. Улар маҳсулотнинг сақланиш муддати ва тартиби, ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда танланади. Тез тайёрланадиган таомлар (турли угра ва пюрелар) кўп ҳолларда пластик идишларда бўлади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ярим тайёр маҳсулотни керамик ёки сирли идишга солиб, сўнгра қайнаган сув қўйиш афзал. 
Музлатилган озиқ‑овқат маҳсулотлари сақланадиган идиш ва қадоқлар кристалланган полиэтилентерфталатдан қилинади. Бу материал -40° С дан то +250 С даражагача ўз хусусиятларини ўзгартирмайди. Аммо баъзи ҳолларда, қаттиқ музлатилса, ҳароратга чидамлилигини йўқотиши ҳам мумкин. 
Одам ўзида заҳарланиш белгилари сезмаслиги ҳам мумкин. Токсинлар йиллар давомида танада йиғилиб боради. Бундай токсинларнинг кичик миқдори ҳам, узоқ вақт мобайнида саломатликка зарар етказиши мумкинлигини унутманг. Озиқ‑овқатларда эса табиий маҳсулотларни истеъмол қилишга аҳамият беринг.

МУТАХАССИС ФИКРИ: "Виждонсиз тадбиркорларни ҳам учратиш мумкин”

Полимерлар кимёси ва физикаси институтининг сертификатлаш бўлими раҳбари, техника фанлари доктори, профессор Саримсоқов Абдушукур Абдухалилович:

Полимер маҳсулотларни сертификатлаш бўлимимиз, табиий ва синтетик полимерлар ва улар асосида тайёрланган тайёр маҳсулотларни сертификатлаш билан шуғулланади. Хабарингиз бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 318-қарори бўйича мажбурий сертификатлашга тушган маҳсулотларнинг руйхати бор. Шу рўйхатга кўра, таркибида табиий ёки синтетик полимер бўлган хомашё ва маҳсулотларнинг барчасини сертификатлаш билан шуғулланамиз. 
Бундан ташқари, мажбурий сертификатлашга тушмаган полимер маҳсулотларини ҳам текширувдан ўтказамиз. Бу турни сертификациялаш ихтиёрий саналади. Ҳар бир маҳсулотнинг турига кўра, унинг хавфсизлигини белгиловчи кўрсаткичлар ҳам мавжуд. 
Кўпчилик мамлакатларда алкогол маҳсулотлари пластмасса идишларга қадоқланади. Хабарингиз бўлса, бизда ҳам полистирол стаканларга ароқ қадоқлана бошланганди. Полистирол озиқ‑овқат маҳсулотларида ишлатилади. Ундан тайёрланган идишларга сут маҳсулотлари қадоқланиши мумкин. Шу сабабга кўра, ароқ ҳам қадоқлана бошланган. Аммо текширувда аниқланишича, полистиролга сут маҳсулотлари солинганда, унда қолдиқ стиролнинг кўчиши жуда кам миқдорда бўлади. Лекин унга алкогол суюқлиги қўйилганида, ундан ажралган стирол минг марта юқори бўлиб, қисқа муддатда барча стирол эриб, ароқ таркибига сингади. Бу оғир жигар касалликларига олиб келади. 
Бугунги кунда поливинилхлорид асосида оёқ кийимлар ишлаб чиқарилмоқда. Поливинилхлоридга диактил‑дебутилфталат пластификаторлари ишлатиш йўли билан сунъий тери тайёрланади. Бу пластификаторлар маҳсулотга юмшоқлик, кўринишига чиройлилик бериш учун қўлланилади. Аммо бу маҳсулотдан тайёрланган пойафзални кийиб юрган одамга, пластификатор тери орқали қонга ўтиб заҳарлаши ҳам мумкин. Маҳсулотни текширувчи мутахассислар мана шу ҳолатларни ҳам эътиборга олган ҳолда текширув ўтказишлари лозим.

Ҳозирги кунда ҳамма соҳада ишлатилаётган "баклажка” дея аталувчи идишлар полиэтилентерефталат (РЕТ) дан тайёрланади. Агар мана шу баклажкаларни тайёрлаш жараёнида ҳарорат‑қуритиш мосламасларида оз миқдорда бузилиш содир бўлса, унинг таркибидаги заҳарли моддалар баклажкада қолади. Натижада ичидаги маҳсулот билан одам организмига тушади. Оқибатда эса оғир хасталиклар юзага келади. Маҳсулотни қуритиш учун мураккаб мосламалардан фойдаланилади. Бу мосламаларни сотиб олишдан қочиб, маҳсулотни офтобда қуритган тадбиркорларни ҳам учратиш мумкин.

Европада, Республикамиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарида (м. Coca-Cola заводида) бу каби маҳсулотлар доимий назоратдан ўтади. Ҳозир биз ҳам бундай маҳсулотларни доимий назоратга олиш таклифи билан чиқдик.

Истеъмолчилар ҳар бир маҳсулотни сотиб олаётганда мувофиқлик сертификатига, унинг яроқлилик муддатига эътибор беришлари лозим. Маҳсулотнинг яроқлилик муддати охирига келган бўлса, бу маҳсулотни олмаган маъқул. Яроқлилик муддати бир кун ўтган бўлса ҳам, савдо ташкилотининг бу маҳсулотни сотишга мутлақо ҳақи йўқ. Яроқлилик муддати нафақат маҳсулотга, балки у сақланаётган идишга ҳам тааллуқли. Яроқлилик муддати чекланмаган маҳсулотларда "Яроқлилик муддати чекланмаган”, деб ёзилади. Бошқа барча ҳолатларда маҳсулотнинг яроқлилик муддатига аҳамиятли бўлсинлар.

Истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини билиши, маҳсулотларнинг сифат даражасининг кўтарилишига қўйилган қадамдир.

ПЛАСТИК ИДИШЛАР ТАҚИҚЛАНДИ

Данияда 1994 йилда катта савдо нуқталарида  ишлатиладиган полиэтилен пакетлар учун солиқ солина бошланди. Шундан сўнг полиэтилен пакетларнинг ишлатилиши 90 % камайган.
Хитой: 2008 йилнинг 1 июнидан бошлаб юпқа (0,025 мм қалинликда) полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш ва умуман полиэтилен пакетларни дўкон, супермаркет ва бозорларда бепул тарқатиш ман қилинди. Бу таъқиқни бузганларга нисбатан жарима жазоси қўллана бошланди. 
Австралия 2008 йилнинг сўнгида пластик пакетларни супермаркетларда ишлатишга таъқиқ қўйилди. Мамлакатнинг кўпгина аҳолиси бу таъқиқни қўллаб қувватлади. Дунёдаги полиэтилен пакетлардан тоза ҳудуд (plastic bag-free) 2004 йилда биринчи бўлиб Австралиядаги Кангаро (Kangaroo) ороли деб эълон қилинган. 
Буюк Британия - 2004 йилнинг кузида мамлакатда нон маҳсулотлари учун биопарчаланувчи пакетлар ишлаб чиқарила бошланди. Маълумки, пакетлар таркибидаги ашё карбонад ангидрид ва сувга айланиб парчаланиши учун 4 йил керак бўлади. 
Ирландия ва Шотландияда 2002 йилдан бошлаб ҳар бир сотиб олинган полиэтилен пакет учун 15 центлик солиқ солинади. Олинган солиқ чиқиндиларни йўқ қилишга ишлатилади. Мазкур чора полиэтилен пакетларнинг сотилиш ҳажми 10 мартага тушишига ҳам сабаб бўлган. 
2010 йилнинг 1 январидан бошлаб Италия ва Францияда пластик пакетлардан фойдаланиш таъқиқланди. 
Миср. Бу мамлакатда аввалига Қизил денгиз соҳилларида полиэтилен пакетлар ишлатишни ман қилинган. Кейинчалик эса бутун мамлакат бўйлаб тақиқланди.

Мадина ЗАРИФ

Поделись с друзьями:

- Добавлен: ADMIN
- Дата публикации: 21.02.2015 17:48
- Категория: Qiziqarli Faktlar
Рекомендуем
Bo'ladi....

Izoh yozib qoldirishni unutmang, sizning izohingiz bizning ishlash darajamizni oshiradi.

Имя:
Почта:
Код:

Реклама LOWER
НАЗАД
ГЛАВНАЯ

WEB | Copyright Design by ISLIMBEK
Design version 19.00

Мы в социальных сетях:


Создать бесплатный сайт с uCoz