Saytni Yuklab bo'lmadi
Ko'zdan Kechirish
СУТ БЕЗИ САРАТОНИНИНГ ОЛДИНИ ОЛСА БЎЛАДИ...МИ?

Сайтимиз меҳмони – олий тоифали шифокор‑маммолог, тиббиёт фанлари номзоди Маҳмудова Нигора Эркиновна. 
Аёл кўкраги – бахтиёр оналикнинг ёрқин далили ва шунинг билан бирга унинг сифатида ҳам айтилади. Ҳозирги кунда аёл саломатлиги ва кўкрак саратони ҳақида кўп гапирилмоқда. Аксарият аёллар бу касаллик ҳақида маълум бир тасаввурга эга, аммо касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, аломатлари, даволаш усуоллари ҳақида деярли ҳеч нарса билмайдилар. 
Сут безлари сут ажратадиган аъзо, кўпинча уларни кўкрак безлари деб ҳам аташади. Сут ҳосил бўлиши ички секреция безлари (гипофиз, қалқонсимон без ва бошқалар)да ишлаб чиқариладиган гормонлар таъсирида бўлади. Бу гормонлар қиз боланинг балоғатга етиш даврида (10‑12 ёшда) фаоллашади. Сут безларининг тўлиқ ривожланиши 18‑20 ёшда кечади. Сут безларидаги анатомик ва физиологик ўзгаришлар, айниқса, ҳайз кўрганда ҳамда ҳомиладорлик даврида яққол сезилади ва янада ривожланади. Кўкракнинг шакли ва ўлчами аёл ҳаётининг турли даврларида турлича тарзда намоён бўлади. 
Аёл кўкраги турли касалликларнинг севимли маскани, деса ҳам бўлади. Шу сабабдан замонавий тиббиётда кўкрак саломатлигини сақлаш, даволашга катта аҳамият берилади. Йиллар ўтиши билан касалликни ўрганиш ва уни даволаш усуллари ҳам ривожланиб бормоқда. 
– Сут бези саратони келиб чиқиш хавфини камайтириш
– Уни қандай қилиб камайтиришимиз мумкин?
– Аёллар орасида сут бези саратони (СБС) тарқалиши бўйича тери саратонидан сўнгги иккинчи ўринда туради. Ҳеч ким бу касалликни кимда ва қачон учрашини аниқ айтиб бера олмайди. Лекин ундан аёлларни ҳимоя қилиш имкониятлари бор. Мақоламизда кўкрак бези саратони келиб чиқишининг олдини олиш, касалликнинг белгиларига асосланиб уни иложи борича эрта аниқлашнинг оддий ва махсус усуллари келтирилган. 
– Саратонни эрта аниқлашнинг аҳамияти борми? 
– Албатта! Касаллик қанча эрта аниқланса, уни даволаш натижалари ҳам шунчалик самарали бўлади. Агар ўсма кичик ўлчамда ва сут бези тўқимаси ичида чегараланган бўлса, даводан сўнгги беш йиллик яшаш кўрсаткичи 98 % ни ташкил қилади. Аксинча, ўсма ҳажми катта бўлса ва сут бези тўқимасида ёки ҳатто қўшни аъзоларга ҳам тарқалган бўлса, ушбу кўрсаткич кескин камайиб кетади. 
– Қариндошларимда сут бези саратони бўлса, мен ҳам бу касалликка чалинишим мумкинми? 
– Кўкрак бези саратонида ирсиятнинг ҳам таъсири бўлиши мумкин. Аммо, уни асосий омиллардан бири ва сиз ҳам бу касаликка чалинишингиз муқаррар, дейиш нотўғри. Адабиётларда ёзилишича шунақа касалликка учраган хасталардан 5‑10 % дагина бу кўрсаткич кузатилган. 
– Хавфли омилларга нималар киради? 
– Ҳар бир аёлда кўкрак бези саратонига учраш хавфи мавжуд. Лекин қуйидаги омиллар ушбу хавфни янада оширади: 
– Ёшининг 50 ва ундан юқори бўлиши; 
– BRCA 1 ёки BRC А2 генларида мутация бўлиши; 
– Ирсият; 
– Ортиқча вазн. 
Бундан ташқари, мана бу омиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга: оқ танли миллат вакили, ҳайз кўришнинг 12 ёшдан аввал бошланиши, 55 ёшдан кейинги кеч ҳайздан қолиш даврининг бошланиши, кеч бола кўриш (30 ёшдан сўнг) ёки ҳомиладорликнинг бўлмаслиги, болани кўкрак билан эмизмаслик, беш йилдан узоқ муддатда орал ҳомиладан сақлаш воситалари қўллаш, эндометриоз, тухумдонлар ёки йўғон ичак саратони каби касалликларга чалиниш. 
Келтирилган ҳолатларни тўла назорат қилиш мушкул, албатта. Аммо аёл киши ўз вазнига ҳам эътибор қилиши лозим, бу ҳам касаллик чалиниш хавфини камайтиради.

ПАРҲЕЗ ВА ЯШАШ ТАРЗИ

Мутахассисларнинг фикрига кўра сабзавотларга бой бўлган парҳез, спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, меъёрий вазн ва доимий жисмоний фаоллик кўкрак безига чалиниш хавфини 33 фоиздан 50 фоизгача камайтиради. Танаввул қилаётган таомларингизга аҳамият беринг ва доимий тарзда жисмоний машғулотларга вақт ажратинг. 
– Юриш, сузиш, рақс, велосипед ёки ўзингизга маъқул бўлган спорт машғулотлар билан мунтазам равишда шуғулланинг. 
– Вазнингизни назорат қилинг. Аёл климакс даврида семириб кетса, унда кўкрак бези саратонига чалиниш хавфи кескин ортади. 
– Мева ва сабзавотлар, дўккакли маҳсулотлардан тайёрлаган озиқ-овқатлар дастурхонингизни тарк этмасин.  
– Ҳар куни дастурхонингизда албатта беш хил сабзавотдан пиширилган таом ҳамда турли мевалар бўлишига аҳамият беринг. 
– Спиртли ичимликлар ичманг.

ҚАНЧА ЭРТА БИЛСАНГИЗ...

– Аёл ўзи мустақил равишда ҳар ойда сут безларини текшириб туриши КЕРАК. 
– Ёшингиз 20 дан ошган бўлса, текширишни ҳар қайси ҳайздан бир ҳафтадан сўнг ўтказишингиз лозим. 
– Агар ҳайз бўлмаса (климакс ёки бошқа сабабларга кўра) текширувни ҳар ойда айнан бир кунда ўтказиш лозим. 
– Агар сиз сут бези тўқимасида бирор ўзгариш сезсангиз, дарҳол мутахассис шифокорга мурожаат қилишингиз зарур. 
МАММОГРАФИЯ
Маммографиянинг фойдаси ҳақида турли фикрлар мавжудлигига қарамасдан, кўкрак бези саратони эрта босқичида аниқлашнинг энг самарали усули ҳисобланади. Маммография ёрдамида кўкрак безида ҳосил бўлган кичик ўзгаришлар, шу жумладан ўсмаларни ҳам кўриш мумкин. Касаликни эрта аниқлаш, аёл ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини яратади. Шунинг учун аёлларга йилда икки марта ёки бир марта шифокор маммолог назоратида бўлиб туришни маслаҳат берамиз. 
40 ёшдан ошган аёллар эса сурункали маммография текширувидан ўтиб турганлари ҳар жиҳатдан маъқул. 
Серёғ овқатлардан эҳтиёт бўлинг.  
Овқатингизда ёғнинг кўп бўлиши кўкрак бези саратони келиб чиқиши хавфини орттиради. Сўнгги йиллардаги тадқиқотларда таъкидланишича, турли сабзавот ва меваларда саратонга қарши ҳимоя моддалари (протекторлар) борлиги аниқланган. Соғлиқни мустаҳкамлаш учун овқатдаги ёғ миқдори, айниқса чорва ҳамда қўйруқ ёғларини камайтириш лозим. Улар ўрнига ўсимлик, балиқ ёғи ва турли ёнғоқлар билан алмаштириш саломатлик учун фойдали бўлади.

ТУРЛИ ФИКРЛАР:

Кўкракдаги ҳар қандай зичлашиш саратоннинг аломатими?
Йўқ. Кўкракда ҳосил бўлган "тугунча”ларнинг 80 % касаллик аломати эмас. Аммо бундай тугунчаларни албатта шифокор мутахассисга кўрсатган дуруст. 
Ёш ўтиши билан саратон касалигига чалиниш хавфи ортиб борар экан. Ростми шу гап? 
Кўкрак бези саратони кўп ҳолларда 50 ёшдан ошган аёлларда учрайди.
Кўкраги кичик аёллар кўкрак бези саратонига кам учрар эмишлар.
Нотўғри. Кўкрак ўлчами саратон ёки бошқа кўкрак касалликлари ривожланишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. 
Кўкрак жароҳати (масалан, лат ейиш, эмизиш пайтида боланинг ишлаб олиши) саратон ривожланишига сабаб бўладими?  
Йўқ. Тадқиқотларда, кўкрак жароҳати саратон ривожига олиб келиши кузатилмаган. Аммо жароҳат кўкракда турли ўзгаришлар содир бўлишига сабаб бўлиши мумкин. 
Экология ёмонлашиб кетганлиги натижасида кўкрак бези саратони кўпайиб кетмоқда. 
Нотўғри. Ҳозирги кунда атроф муҳитдаги баъзи омиллар натижасида саратон ривожланишини тасдиқловчи далиллар йўқ. Фақат радиация ионлари танага шундай таъсир кўрсатиши мумкин. Буни илмий тадқиқотлар ҳам исботлаб берган. Радиация эса ядер портлашлари бўлган жойларда мавжуд. ундан ташқари аёл 20 ёшга қадар радиация билан заҳарланган бўлса, саратонга чалиниш хавфи ортади. 
Жинсий ҳаётдан қониқмаган аёлларда кўкрак саратони кўпроқ учрайдими? 
Нотўғри. Жинсий қониқмаслик кўкрак бези саратони бошланишига олиб келмайди. 
Семизлик кўкрак бези саратонига учраш хавфини орттирмайди. 
Нотўғри. Ортиқча вазн, кам ҳаракатлик саратонга чалиниш хавфини кучайтиради. Ортиқча вазнлилар кам ҳаракат қиладилар. Ҳафтада бир неча маротаба тез юриш эса бу хавфни  янаям камайтиради.

Мадина ЗАРИФ суҳбатлашди.

Поделись с друзьями:

- Добавлен: ADMIN
- Дата публикации: 21.02.2015 17:48
- Категория: Qiziqarli Faktlar
Рекомендуем
Рахмат сизларга бу касаллик тугрисида анча малумотга эга булдим

Izoh yozib qoldirishni unutmang, sizning izohingiz bizning ishlash darajamizni oshiradi.

Имя:
Почта:
Код:

Реклама LOWER
НАЗАД
ГЛАВНАЯ

WEB | Copyright Design by ISLIMBEK
Design version 19.00

Мы в социальных сетях:


Создать бесплатный сайт с uCoz