Мен сизни ростдан ҳам ўша пайтлар
Ақлдан озгулик қадар севардим.
Тунлари тонггача мижжа қоқмайин,
Фақат сизга атаб шеърлар ёзардим.
Мен сизни ростдан ҳам ўша пайтлар,
Осмонга менгзитиб қўйганми эдим.
Оқ рўмол ёпинган келинчак мисол,
Тавозе, таъзимда турарди кўнглим.
Мен сизни ростдан ҳам ўша пайтлар,
Кўзим қорасидек авайлар эдим,
Билмасдим,афсуски Ўзидан ўзга,
Ўзинга меҳрибон бўлмаскан ҳеч ким.
Ўйласам ўзимдан кечибман,аммо,
Қадримни сўрашга сиғмабди ҳаддим.
Ахир мен ростдан ҳам ўша пайтлар,
Ақлдан озгулик қадар севардим!
Малика Салимова