Saytni Yuklab bo'lmadi
Ҳар қандай кичик оиладан тортиб, йирик мамлакат ҳамда мегаполисларнинг ҳам ўз анъана ва маросимлари мавжуд. Ер юзида кулгили, содда, баъзида мантиқсиз ва ҳатто озор берувчи одатлар ҳам учраб туради. Тарихдан Homo sapiens (ақлли одамлар) ҳамиша расм-русмлар билан тирик бўлган. Сайёрамиз ривожлангани сари, анъаналаримиз кишини ҳайратга солмоқда. Куррамизда ҳалигача баъзи қадимий урф-одатлар сақланиб қолганки, шуни одамлар бажараяптими, деб ёқа ушлайсан киши.
Инсон кечки таом учун
Қора тиллар, мурдалар – менюдан ўрин олган энг мазали таомлар. Нима, XXI асрда каннибализм қолганми, дейсизми? Ҳа, Ҳиндистоннинг Варанаси шаҳарчасида бу одат ҳалигача сақланган. У ернинг Агхори қабиласи мурдалар билан озиқланишади. Тағин сиз буни шафқатсизликка йўйманг, бу ишларнинг ҳаммаси фаровонлик ва қўрқувлардан қутилиш мақсадида қилинади.
Агхорилар инсонларни ўлдиришмайди. Улар ўлжани ёқиш мумкин бўлмаган мурдаларни анъанага кўра оқизиб юбориладиган Ганг дарёсидан овлашади. Индуизм ақидаларига кўра, бундай кишилар сирасига болалар, ҳомиладорлар ва турмуш қурмаган аёллар киради. Бундан ташқари, ўлимининг сабаби илон заҳри ёки моховлик бўлса ҳам улар шу туришига Ганг дарёсига оқизиб юборилади.
Туғилдингми, бир учиб кўр!
Ўлдиришмайди, шунчаки тепадан пастга отиб юборишади. Бу сафар гап ўликлар ҳақида эмас, балки энди туғилган чақалоқлар ҳақида кетмоқда. Бундай одат яна Ҳиндистонда учрайди.
Ҳиндистоннинг Махараштра вилоятида болани 15 метрли ибодатхона деворидан пастга ташлаб юбориш анъанаси мавжуд. Буни жазо деб ўйлаяпсизми, асло ундай эмас! Индуслар эътиқодига кўра, кичкинтой ўзига мана шу парвоз давомида омад, довюраклик, соғлик ҳамда ақл каби сифатларни қабул қилиб олади. Ҳайриятки, индусларни ота-оналик муҳаббати тарк этганича йўқ шекилли, улар қулаётган болани таранг қилиб тортилган мато билан ушлаб олишади.
Cинган суяклар одам келтиради
Ерларини Тинч океани ювиб ўтувчи орол кишилари ҳам парвозда ўзига хос ҳислат бор, деб ишонишади. Бунлап қишлоғида Гкол маросими жуда машҳур. Новда, дўмбира ва минора маросим атрибутлари сифатида хизмат қилади. Оёқлар новда билан боғланиб, минорадан бош билан сакралади. Минорадан қанча баландроқдан сакралса, худо турган жойни аниқлаш учун шунча кўпроқ имконият бўлади, дея ўйлашади бунлапликлар. Ҳа, мана, сизга қойилмақом сакраш, синган суяклар ҳақида эса ҳеч ким ўйлаб ҳам ўтирмайди.
Қазиб ол ва рақсга туш
Мурдани рақсга таклиф қилиш учун у қабрдан қазиб олинади? Балки сиз ҳайрон қолаётгандирсиз, лекин мадагаскарликларга бу одатий ҳол. Оролда мунтазам равишда “Суякларни тўнтариш”, мадагаскарликлар тилида “Famadihana” деб аталувчи фестивал бўлиб ўтади. У ерликлар агар мурда суякларининг жойлашуви тез-тез ўзгартириб турилса, у тезроқ қабр ҳаловатини топади, деб фикрлашади. Ўлган кишининг яқинлари унга яхши бўлиши учун ҳар икки йилда бир марта унинг қабрини очишади. Суяк қолдиқлари билан рақсга тушиб, уни яна қайта кўмишади.
Мурдадан қолган кул таом сифатида
Энди банан қолдиқлари билан боғлиқ анъана! Амазонканинг тропик ўрмонларида яшовчи аҳоли бундай озуқадан жирканишмайди. Яномама қабиласида ўлган кишини куйдириш одати бор. Улар мурдадан қолган кулни ташлаб юборишмайди. Яқинининг руҳи уларга яқин бўлади дея ишониб, уни палма мевалари билан аралаштириб тановул қилишади.
Тана қушларга, руҳ эса худога
Тибетда бу дунёни тарк этган кишини кўмишнинг “самовий дафн” деб аталувчи удуми мавжуд. Бунда мурданинг танаси қариндош-уруғи томонидан тоққа олиб чиқилиб, майдаланади ва қушларга ейиш учун қолдирилади. Бундан ташқари, жараёнда қушлар томонидан ейилаётган яқинининг танасини кузатиб туриш кераклиги қабул қилинган.
Тибетликлар бу маросимни ёмон деб ҳисоблашмайди, уларнинг фикрича, танани руҳ тарк этаркан, у бўш бир қутига айланади. Энг қизиғи, ўликни бу тарзда дафн қилиш усули Тибетда тўлақонли қонунийлаштирилмаган, бироқ у тўғридан-тўғри қонун билан таъқиқлаб ҳам қўйилмаган.
Қонли маросим
Таиландликлар қандай қилиб танани ёвузликлардан асраш ва омад чақиришни билишади. Пхукетда бўлиб ўтувчи фестивалда худонинг эътиборини ўзига жалб этмоқчи бўлган талабгорлар яноқларини тиғлар билан тешишади. Фестивалда турли хил қурол-яроғлар, қилич, найза ва илгак каби ўткир тиғли буюмлардан фойдаланилади. Ушбу қонли маросим ўз ҳудудида анча машҳур.